Дарғазаб руҳонийларга мулойим жавоб
Арманистонда хизмат қилаётган Артур исмли туман нозири Яҳова Шоҳидларининг жамоатларидан бирига ташриф буюрди. Артур ваъзгўйлар ҳали жамоат жойларида адабиёт аравачаси билан хизмат қилмаганини билиб олди. Жамоатдагиларни бу хизмат турида иштирок этишга ундаш мақсадида Артур, унинг хотини Анна ҳамда Жирайр исмли ваъзгўй кичкина шаҳарда адабиёт аравачаси билан ваъз қилгани чиқишди. Улар одам гавжум бўлган жойни танлашди.
Йўловчилар қизиқиш кўрсатиб адабиёт олишни бошлашди. Аммо кўп ўтмай хизматнинг бундай янги тури душманларнинг эътиборини жалб қилди. Иккита руҳоний адабиёт аравачаси ёнига келди. Улардан биттаси эса кутилмаганда аравачани тепиб юборди. У Артурнинг юзига тарсаки тушириб, унинг кўзойнагини учириб юборди. Артур, Анна ҳамда Жирайр руҳонийларни тинчлантиришга ҳаракат қилишди, лекин бу ҳеч қандай самара бермади. Руҳонийлар адабиёт аравачасини топтаб, адабиётларни сочиб юборишди. Шоҳидларни ҳақоратлаб, уларга дағдаға қилгач, руҳонийлар ўз йўлига қайтишди.
Артур, Анна ҳамда Жирайр шикоят аризасини бериш учун маҳаллий полиция маҳкамасига боришди. Улар полициячилар ва бошқа ишчиларга бўлиб ўтган воқеани ҳамда Муқаддас Китоб тўғрисида қисқача гапириб беришди. Сўнг уларни полициячилар бошлиғининг хонасига олиб боришди. Аввал бошлиқ шикоят аризасига оид тафсилотларни билмоқчи бўлди. Аммо у Артурнинг бақувват бўла туриб унга қўл кўтарган кишига жавоб қайтармаганини эшитгач, мавзуни бошқа томонга бурди. У Яҳова Шоҳидларининг эътиқодлари билан қизиқиб саволлар бера бошлади. Суҳбат нақ тўрт соат давом этди! Эшитганлари бошлиққа шунчалик қаттиқ таъсир этдики, у: «Бу ажойиб дин экан. Сизларга қўшилсам бўларкан!» — дея хитоб қилди.
Кейинги кун Артур жамоат жойида яна ваъз қилаётганида, ўтган кунги воқеанинг гувоҳи бўлган бир киши унинг ёнига келди. Бу киши Артур тинчликни сақлаб, руҳонийлар билан олишмагани учун уни мақтади. Шунингдек, у бўлиб ўтган воқеалардан сўнг руҳонийларни ҳурмат қилмай қўйганини айтди.
Ўша куни оқшом пайти полициячилар бошлиғи Артурни полиция маҳкамасига чақирди. Аммо ариза юзасидан саволлар беришнинг ўрнига, Муқаддас Китоб тўғрисида бир қанча саволлар берди. Бу суҳбатга иккита полициячи ҳам қўшилди.
Кейинги кун Артур яна бошлиқнинг ёнига кирди. Аммо бу сафар Муқаддас Китобга асосланган баъзи видеоларни кўрсатиш мақсадида келди. Бошлиқ бу видеони томоша қилиши учун бошқа полициячиларни ҳам чақирди.
Руҳонийларнинг ёмон хулқ-атвори туфайли кўп полициячиларга илк бор ажойиб тарзда шоҳидлик берилди. Бу эса уларда Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида яхши таассурот қолдирди.