Уларни яхши кўришингизни айтинг
Онг-Ли исмли Яҳованинг Шоҳиди Болгарияда яшайди. У Златка исмли ёш аёл билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказарди, бу аёлнинг турмуш ўртоғи эса тадқиқ ўтмасди. Онг-Ли шундай дейди: «Оилавий ҳаёт мавзусини муҳокама қилаётганимизда, турмуш ўртоғимизга ва болаларимизга уларни яхши кўришимизни айтиш жуда муҳим эканини таъкидладим. Златка хомуш бўлиб менга қаради-да, турмуш ўртоғига ва 9 яшар қизига ҳеч қачон севгисини изҳор этмаганини айтди».
Златка: «Улар учун ҳамма нарса қилишга тайёрман, аммо бу сўзларни айта олмайман»,— деб тушунтирди. Кейин гапида давом этиб деди: «Онам мени яхши кўришини ҳеч қачон айтмаган, бувим ҳам онамга уни яхши кўришини ҳеч қачон айтмаган». Онг-Ли унга Яҳова Исони яхши кўришини баланд овозда айтгани ёзилган оятни кўрсатди. (Матто 3:17) Шунингдек, Златкани Яҳовага бу ҳақида ибодат қилишга ҳамда турмуш ўртоғи билан қизига севгисини изҳор этишни мақсад қилиб олишга ундади.
Онг-Ли шундай дейди: «Орадан икки кун ўтгач, Златка Яҳовага ибодат қилиб ёрдам сўраганини хурсандчилик билан айтиб берди. Эри уйга келганида, унга Муқаддас Китобдан хотин эрини ҳурмат қилиши ва уни яхши кўриши муҳимлигини билиб олгани ҳақида бўлишибди. Бироз жим тургач, эрига уни севишини айтибди! Қизи ҳам уйга келганида, Златка уни қучоқлаб, яхши кўришини айтибди! Златка мен билан шундай деб бўлишди: “Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Шунча йиллар давомида туйғуларимни изҳор қила олмагандим, аммо Яҳованинг ёрдами билан, ниҳоят, уларни яхши кўришимни айта олдим”».
Онг-Ли гапида давом этиб деди: «Бир ҳафтадан кейин Златканинг эрини учратдим, у менга шундай деди: “Кўпчилик сиз Златка билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтаётганингиздан норози бўлганди. Лекин энди у Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётгани оиламизга фойда келтираётганини кўряпман. Никоҳ ришталаримиз янада мустаҳкам бўлди, ҳозир бахтлироқмиз”».