Асосий материалларга ўтиш

«Ҳалоллик яхшилик қилишга ундайди»

«Ҳалоллик яхшилик қилишга ундайди»

 Жанубий Африкадаги Яҳованинг Шоҳиди Даниэла бир киши кафеда унутиб қўйган сумкасини топибди. Ичида пул ва кредит карточкалари бор бўлган ҳамённи кўрибди. Даниэла сумкани эгасига қайтаришга қатъий қарор қилибди. У манзилини ёки телефон рақамини излаб кўргач, фақат исм ва фамилиясини топибди. Шунда, у билан банк орқали боғланишга ҳаракат қилибди, аммо натижасиз. Даниэла таслим бўлмабди ва сумканинг ичида шифохонанинг рақами ёзилган қоғозни топиб, у ерга қўнғироқ қилибди. Шифохона қабулхонасида Даниэланинг рақамини ўша кишига беришга рози эканини айтишибди.

 Шифохонадан қўнғироқ қилиб, Даниэла сумкани топганини ва уни қайтармоқчи эканини айтишганда, ўша киши жуда ҳайрон бўлибди. У сумкасини олишга келганда, Даниэла ва унинг отаси билан танишибди. Улар бу имкониятдан фойдаланиб, уни топиш учун нега шунча ҳаракат қилишганини тушунтиришибди. Улар Яҳованинг Шоҳиди эканини ва Муқаддас Китобдаги принциплар бўйича яшашга ҳаракат қилишаётганини айтишибди. Шу сабабли ҳам, доим ҳалол бўлишга интилишяпти. (Ибронийларга 13:18)

 Бир неча соатдан кейин ўша киши Даниэла ва унинг отасига хабар юбориб, сумкаси ва ҳамёнини қайтариб беришгани учун миннатдорчилик билдирибди. У шундай деб ёзган: «Мени топиш учун кўп ҳаракат қилганингиздан жуда миннатдорман. Сизлар билан танишганимдан хурсандман, самимий ва меҳрибон бўлганингизни ҳечам унутмайман. Миннатдорчилигимни хайр-эҳсон орқали кўрсатмоқчиман. Худога хизмат қилиш учун фидойиликка тайёр эканингизни биламан. Ҳалол ишингиз яхши инсонлар эканингизни исботлаяпти. Даниэла ҳалол ва бенуқсон экан. Яна бир бор катта раҳмат. Худо хизматингизга барака берсин».

 Бир неча ой ўтгач, Даниэланинг отаси у билан яна кўришиб қолибди. Ўша киши дўконда бўлганда, ҳамён топиб олганини айтибди. Ҳамённи эгасига қайтарганда, уни бунга нима ундаганини ҳам тушунтирибди. Яқинда ўзи ҳам худди шундай вазиятга дуч келганини ва ҳалол инсонлар унга ёрдам беришганини айтибди. У: «Ҳалоллик яхшилик қилишга ундайди, бу бошқаларга юқади ва атрофимиздаги барча бахтлироқ бўлади»,— дебди.